Москвада юқори лавозимларда ишлаган вақтида Алиев 80-йиллардаги “пахта иши”да ўзбек халқи тарафида бўлган ва Шароф Рашидовни провокациялардан огоҳлантирган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги собиқ консули, ЎзAнинг халқаро таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Aброр Ғуломовнинг Озарбайжон Умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев фаолиятига бағишланган мақоласига шарҳ эълон қилинди. Унда Ҳайдар Алиевнинг Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатлари ривожидаги хизматлари тилга олинади.
Айтилишича, ўзбек-озарбайжон дўстлиги собиқ иттифоқ давридаёқ кучая бошлаган. Икки республика раҳбарлари Шароф Рашидов ва Ҳайдар Алиев ижобий алоқаларга эга эди.
“1973 йил июнь ойида Озарбайжонда ўзбек адабиёти ва Ўзбекистон кунлари бўлиб ўтди. М.Ф.Охундов номидаги Республика кутубхонасида Ўзбекистонда нашр этилган китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди.1973 йилда Боку ва Москвада шоир Имодиддин Насимий таваллудининг 600 йиллигига бағишланган юбилей тантаналари бўлиб ўтди. Юбилей тантаналарида Ўзбекистон арбоблари фаол иштирок этди. Ўз навбатида, ўша йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида ушбу санага бағишланган кўргазма ташкил этилди. Шу йили Озарбайжон олимлари Берунийнинг 1000 йиллигини нишонлаш маросимида қатнашдилар. Озарбайжонда ўзбек шоир ва ёзувчилари: Абдулла Қодирий, Ойбек, Шароф Рашидов, Парда Турсун ва бошқаларнинг асарлари таржима ва нашр этилган”, дейилади мақолада.
Айтилишича, Москвада юқори лавозимларда ишлаган вақтида Алиев 80-йиллардаги “пахта иши”да ўзбек халқи тарафида бўлган ва Шароф Рашидовни кутилаётган провокациялардан огоҳлантирган.
“Дўстлик мустақиллик йилларида айниқса мустаҳкамланди. 1996 йил Ҳайдар Алиев Ўзбекистон ҳукумати делегациясини жуда илиқ кутиб олганди. Ўшанда Низомий Ганжавийнинг 855 йиллиги муносабати билан Озарбайжонда бўлгандик” — дея ёзади муаллиф.
Ҳайдар Алиевнинг 1997 йил 18-19 июл кунлари Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи айниқса эътиборга молик. Ташрифда ҳамкорлик, дўстлик ва ўзаро алоқаларга доир 19 та муҳим ҳужжат имзоланган.
Ҳайдар Алиев туркий давлатлар интеграциясининг фаол тарафдори бўлганди. Аброр Ғуломовга кўра, “Алиевнинг ниятлари ушалиб, Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари янги даражага чиқди, туркий давлатлар ҳамкорлиги эса ривожланиб бормоқда”.
Number of View: 23113